2018 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётимизда кузатилган инфляцион кутилмалар тўғрисида маълумот
Жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилган макроиқтисодий барқарорлик ва рақобат муҳитининг яхшиланиши иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг пасайишига олиб келди
Жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилган макроиқтисодий барқарорлик ва рақобат муҳитининг яхшиланиши иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг пасайишига олиб келди.
Инфляцион кутилмани ўрганиб бориш халқаро амалиётда кенг тарқалган бўлиб, марказий банклар томонидан пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кенг фойдаланилади.
Инфляцион кутилма – бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келгусида иқтисодий қарорларни қабул қилишда фойдаланилиши кўзда тутилаётган инфляция даражаси тўғрисидаги тахминлардир.
Иқтисодиётда ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар ўзларининг келажакдаги молиявий режаларини шакллантириш, маҳсулотларга нарх белгилашда инфляцион кутилмалардан келиб чиқадилар ва бу нархлар шаклланишига таъсир қилувчи асосий омиллардан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, иқтисодиётда инфляцион кутилмани баҳолаш, унга таъсир қилувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларнинг асосиз ўсишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан 2018 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида мунтазам равишда ягона саволнома асосида сўровлар ўтказиб бориш амалиёти жорий этилди.
Мазкур сўровлар жорий йилнинг январь, февраль ва март ойларида юзма-юз савол жавоб тарзида амалга оширилди ва келгусида ушбу амалиёт ҳар ойда ўтказиб борилади.
Сўровларда ҳар ойда республика бўйича жами 750 нафар жисмоний шахс ва 300 та юридик шахс иштирок этди. Шундан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 50 нафардан жисмоний ва 20 тадан юридик шахс ҳамда Тошкент шаҳридан 100 нафар жисмоний ва 40 та юридик шахс фикри ўрганилди.
Бунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтган даврларда сезилган инфляция даражаси унга таъсир қилган омиллар, келгуси давр учун инфляцион кутилма ва истеъмол кайфияти баҳоланди.
Март ойида ўтказилган сўровларда иштирок этган аҳолининг 64 фоизи ўтган ойда нархларнинг сезиларсиз ошганлигини ёки ўзгармаганлигини қайд этишди. Ушбу кўрсаткич январь ойида 31 фоизни ва февраль ойида 50 фоизни ташкил этган.
Жорий йилнинг февраль ва март ойларида республикамиз бозорларида истеъмол маҳсулотлари нархларининг мўътадиллашуви натижасида сўровда иштирок этган респондентларнинг 11 фоизи ўтган ойда нархлар пасайди, деб таъкидлаган.
Аҳолининг охирги уч ойда кузатилган инфляция даражаси бўйича ҳам хулосалари ижобий томонга ўзгармоқда. Хусусан, январь ва февраль ойларида охирги уч ойда нархлар “юқори даражада ошди” ёки “аввалги ойлар билан бир хилда ошди” деб ҳисоблаган респондентлар улуши мос равишда 74 ва 64 фоизни ташкил этган бўлса, март ойида ушбу кўрсаткич 42 фоизгача пасайди. Бу ўз навбатида, ўтган йилнинг тўртинчи чорагида иқтисодиётда кузатилган юқори инфляция босими жорий йилнинг биринчи чорагида пасайганлигидан дарак беради.
Аҳолининг ўтган ўн икки ойлик инфляция даражаси бўйича март ойидаги сўровда билдирган фикри ўтган ойларга нисбатан пасайган бўлса-да, умуман олганда юқорилиги сақланиб қолди ва респондентларнинг 56 фоизи (январь ва февраль ойларида 68 фоиз) охирги ўн икки ойда нархлар ўтган йилларга нисбатан юқори ошганлигини билдиришди.
Шу ўринда юқоридаги саволга қўшимча равишда охирги ўн икки ойда нархлар айнан қанчага ошганлиги сўралганда, март ойида респондентларнинг 43 фоизи (январь ойида 59 фоиз, февраль ойида 55 фоиз) ўтган ўн икки ойда нархлар ошиши 21 фоиз ва ундан юқори бўлди, деб эътироф этишди.
2018 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг тўртинчи чорагига нисбатан инфляция босимининг пасайиши иқтисодиётда охирги ўн икки ойда нархлар юқори ошишига таъсир қилган асосий омиллар таркибининг ўзгаришига олиб келди.
Хусусан, аҳоли орасида март ойида ўтказилган сўровларда ўтган ўн икки ойдаги инфляция даражасига валюта алмашув курси девальвацияси юқори таъсир қилди, деб ҳисоблаган респондентлар улуши январь ойига нисбатан қарийб 3 фоиз бандга пасайиб, 65 фоизни, коммунал тўловлар улуши эса 8 фоиз бандга камайиб, 41 фоизни, транспорт харажатлари улуши қарийб 25 фоизга пасайиб, 24 фоизни ташкил этди.
Ўтган йилда кузатилган нисбатан юқори даражадаги инфляция аҳоли харид қобилиятига мос равишда таъсир кўрсатди ва бу ҳолат жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган сўровларда ҳам ўз аксини топди. Хусусан, март ойидаги сўровда иштирок этган жисмоний шахсларнинг 69 фоизи ўтган ўн икки ойда нархлар уларнинг даромадларига нисбатан юқори ошганлигини маълум қилишди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида сезилган инфляция даражаси бўйича юридик шахсларнинг фикри мунтазам равишда пасайиб борди.
Февраль ва март ойларидаги сўровларда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг мос равишда 65 ва 60 фоизи (январь ойида 29 фоиз) олдинги ойларда нархларнинг сезиларсиз ошгани ёки ўзгармаганлигини қайд этишди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сезилган инфляция даражасининг тобора пасайиб бориши ўз навбатида, иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг пасайишига таъсир кўрсатди.
2018 йилнинг апрель ойида аҳоли учун электроэнергия ва табий газ нархлари оширилиши олдиндан маълум қилинганлигига қарамасдан, март ойида сўровда иштирок этган респондентларнинг 62 фоизи (январда 44 фоиз, февралда 46 фоиз) келгуси ойда нархлар сезиларсиз ошиши, ўзгаришсиз қолиши ёки пасайиши мумкинлигини билдириб ўтишган.
Аҳолининг келгуси ўн икки ойдаги инфляция даражаси бўйича кутилмаси март ойида ўтган ойларга нисбатан сезиларли пасайди. Хусусан, келгуси ўн икки ойда нархлар ўсиши даражаси 13 фоиздан паст бўлишини таъкидлаган респондентлар улуши 13 фоиз бандга ошиб, 40 фоизниташкил этган бўлса, 21 фоиздан юқори бўлади, деб ҳисоблаганлар улуши 15 фоиз бандга пасайиб, 28 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилган макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётда рақобат муҳитининг яхшиланиши юридик шахсларнинг инфляцион кутилма бўйича фикрларининг кескин яхшиланишига олиб келди.
Хусусан, март ойида сўровда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг 44 фоизи (январда 30 фоиз) келгуси ўн икки ойда инфляция даражаси 13 фоиздан паст бўлишини қайд этдилар.
Иқтисодиётда инфляцион кутилма пасайиб бораётганлигига қарамасдан, аҳолининг келгуси ўн икки ойда даромадлари ва нархлар ошиши ўртасидаги номутаносиблик сақланиб қолиши бўйича кутилмалар юқори даражада қолмоқда.
Ўз навбатида, сўровларда иштирок этган юридик шахсларнинг катта қисми (январда 51 фоизи, февралда 46 фоизи, мартда 49 фоизи) келгуси ўн икки ойда иш ҳақи миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оралиқда ошиши мумкинлигини билдириб ўтишган.
Март ойида ўтказилган сўровлар натижалари аҳоли орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқи юқорилигини кўрсатди. “Агар сизда жамғармангиз бўлганда (ёки ҳозир бор) қандай мақсадларда ишлатишни ҳоҳлардингиз” деган саволга сўровда иштирок этган аҳолининг 55 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида ишлатишини маълум қилган.
Миллий валютадаги маблағлар бўйича банк фоиз ставкаларининг, чет эл валютасидаги маблағлар ставкасига нисбатан жозибадорлиги сўровлар натижаларида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, респондетларнинг катта улуши миллий валютадаги жамғармаларини банкда сақлашни, аксинча чет эл валютасидаги жамғармаларини нақд кўринишида сақлаш маъқуллигини билдиришди.
Иқтисодиётда узоқ муддатли инфляцион кутилманинг пасайиши банк фоиз ставкалари бўйича кутилмаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, март ойида сўровда иштирок этган юридик шахсларнинг 63 фоизи (январь 56 фоиз, февраль 35 фоиз) келгуси ўн икки ойда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз ставкалари 20 фоиздан паст бўлишини кутишмоқда.
2018 йилнинг биринчи чорагида валюта алмашув курсининг барқарорлашиши ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектларнинг 2018 йил иккинчи чорагида кутилаётган алмашув курси бўйича кутилмаларининг пасайишига ижобий таъсир кўрсатди.
Март ойида сўровда иштирок этган юридик шахсларнинг 73 фоизи (январда 61 фоиз, февралда 60 фоиз) 2018 йилнинг иккинчи чорагида алмашув курси 8300 сўмдан паст бўлишини тахмин қилган бўлса, 39 фоизи (январда 23 фоиз, февралда 19 фоиз) 8000-8200 сўм оралиғида бўлиши кутилаётганлигини маълум қилдилар.
Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш келажаги бўйича кутилмалари сўров ўтказилган барча ойларда юқорилигича сақланиб қолди.
Манба: cbu.uz