“Матонат Футбол” марказига ёрдам
InfinBANK мунтазам равишда одамларнинг ҳаётини осонлаштиришга ва яхшилашга ёрдам берадиган турли ташкилотларга ҳомийлик ва хайрия ёрдамларини кўрсатиб келади. Шундай ташкилотлардан бири – “Матонат Футбол” маркази.
“Матонат Футбол” – бу ногирон-ампутантлар, яъни ампутация ёки оёқ-қўлларнинг туғма патологияси туфайли имконияти чекланган одамлар футболини ривожлантириш маркази. Футбол жамоаси ташкил этилганига 30 йилдан ошган бўлиб, шу вақт ичида жамоа беш марта жаҳон чемпиони бўлган: 1990 йилда – АҚШда, 1991 йилда – Ўзбекистонда, 2007 йилда – Туркияда, 2010 йилда – Аргентинада ва 2012 йилда – Россияда. Ўйинчилар ўзларининг имкониятлари чексизлигини, ўзларининг жисмоний хусусиятлари уларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун тўсиқ бўла олмаслигини кундан-кунга янада яққолроқ исботлашмоқда.
Жамоага америкалик Билл Берри асос солган. Унинг ўғли ҳам ногирон бўлган, шу сабабли у мана шундай ўйинчилар жамоасини тузиш мақсадида Москвага келган. Кейинроқ эса, Берри Тошкентга келган ва шу ерда ўз ғоясини амалга ошириб, асосан Афғон уруши фахрийларидан иборат, анчагина кучли футбол жамоасини тўплаган. Билл деярли бир ой давомида йигитларга ўйнашни ўргатган, Америкадан махсус ҳассалар буюртма қилган ва олиб келган.
Тўлақонли расмий спорт клубларидан фарқли ўлароқ, бу жамоада маош тўланмайди ва унинг ҳомийлари йўқ, шунинг учун Марказ кўнгилли одамларнинг моддий кўмагини изламоқда. Бир сафар, жамоа моддий ёрдам топа олмаганлиги учун Мексикадаги жаҳон биринчилигини ўтказиб юборишига тўғри келган.*
2020 йил январь ойида Марказ Адлия вазирлигида ННТ сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Марказнинг ташаббускорлари мажруҳ ёки оёқ-қўлларнинг туғма патологиясига эга ёш йигит-қизларни йиғиш мумкин бўлган, Катта футбол академиясига ўхшаш инфратузилмани яратишни мақсад қилиб белгилаб қўйган. Уларга ўзларининг ўйин маҳоратини ошириш билан бир қаторда, ўзларига мос касбни эгаллашларига имкон яратиш мақсадида, Академия қошида ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.*
InfinBANK Марказни қўллаб-қувватлаб, ўз мижозларини ҳам бундай хайрли ишдан четда қолмасликка чақиради.
*Sputniknews ва “Юксалиш” ҳаракатининг ҳар ойлик ахборотномаси маълумотларидан олинган